Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони билан:

 2025 йил 1 апрелдан бошлаб:

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали кўрсатиладиган ижтимоий ёрдамлар Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга, уй-жой шароитларини яхшилаш ва соғлиқни сақлаш бўйича ижтимоий ёрдамлар эса — ойлик даромади оила аъзоларининг ҳар бирига минимал истеъмол харажатлари миқдорининг 2 бараваридан кўп бўлмаган оилаларга ҳам тақдим этилади;

Бунда маданий-маърифий, таълим, спорт ва туризм тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари тушумларининг
25 фоизидан кўп бўлмаган қисмини йўналтиришга рухсат берилади;

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали ижтимоий ёрдамлар қуйидаги тартибда кўрсатилади;

оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал режада камбағал оилаларнинг ёшлари ва хотин-қизларига муайян ижтимоий ёрдамларнинг белгиланиши ушбу тоифадаги шахслардан қўшимча мурожаат талаб этмаган ҳолда «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан ижтимоий ёрдамлар кўрсатилишига асос бўлади;

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг ижтимоий ҳолатини аниқлаш «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали, оиланинг молиявий ҳолатини эса — идоралараро ахборот алмашинуви орқали автоматик равишда баҳолаш (скоринг) натижаларига мувофиқ амалга оширилади;

Камбағал оилалар реестрига киритилган оилалар учун «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари орқали қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги янги инструментлари жорий этилади;

камида 3 нафар хотин-қизлар, ёшлар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд тоифаларининг бандлиги ҳамда ижтимоий фаоллигини таъминлашга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни молиялаштириш учун тегишинча «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари» ва «Саховат ва кўмак» жамғармалари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 бараваригача грантлар ажратилади;

«Ёшлар дафтари» жамғармаси ҳисобидан:

ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш. Бунда ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт тўгаракларига қатнашиши Спорт вазирлигининг «ERP-sport» ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади;

6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентарь, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш;

ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган оилаларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатилади;

 «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар, меҳнат қуроллари, уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун тўланадиган ссуда ва субсидиялар Камбағалликни қисқартириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади;

 «Ёшлар дафтари» жамғармалари орқали, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб эса «Аёллар дафтари» жамғармалари орқали тўланадиган бир марталик моддий ёрдамлар ўрнига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар учун назарда тутилган нафақалар тўланади. Бунда тегишли нафақаларни тайинлаш ва тўлаш учун 6 ой муддат давомида Камбағал оилалар реестридаги оилалар аъзоларининг бандлиги таъминланганлиги ҳолати инобатга олинмайди;

2025 йил 1 майдан бошлаб «Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси орқали қуйидаги шартлар асосида молиялаштирилади;

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармаларидан тегишли маблағларни Давлат тиббий суғуртаси жамғармасига кўчириш, ушбу жамғарма томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланган тиббиёт ташкилотида даволаш ёки жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан сўнг амалга оширилади;

«Ижтимоий дафтарлар» жамғармалари ҳисобидан жарроҳлик амалиёти учун ўтказиладиган маблағлар миқдори қонунчиликка мувофиқ Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланадиган базавий нархлар доирасида белгиланади;

даволаш ва жарроҳлик амалиётини ўтказиш харажатлари 14-30 ёшдаги шахслар учун «Ёшлар дафтари» жамғармаси маблағлари, 30 ёшдан катта бўлган хотин-қизлар учун «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари, бошқа эҳтиёжманд шахслар учун «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади;

2025 йил 1 майдан бошлаб озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 баравари миқдоридаги бир марталик нафақа пулини уни тайинлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда «Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари орқали тўлаб берилади.

 

“Инсон” ижтимоий хизматлар маркази

Ҳуқуқий масалаларда эксперт маслаҳатчиси

Ш.Каримқулов