Ўзбекистон Республикаси Президенти миллий истиқлолимизнинг ўттиз тўрт йиллик шонли санасини кутиб олиш ва муносиб тарзда ўтказиш юзасидан қарор қабул қилди.

Қарорда “Энг улуғ, энг азиз” байрамни Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт даражаси, жаҳон майдонидаги обрў-эътиборига ҳар томонлама муносиб тарзда, юксак савияда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғоя остида нишонлаш вазифалари белгилаб берилди.

Жонажон Ўзбекистонимизнинг миллий суверенитети ва мустақиллиги мамлакатимизнинг халқаро ҳуқуқ субъекти сифатида жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашига, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини, унинг энг муҳим манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Мард ва олижаноб халқимизнинг хоҳиш-иродаси ва азму қарори билан қўлга киритилган миллий истиқлолимиз Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ислоҳотларимиз ҳал қилувчи босқичга кираётган бугунги тарихий шароитда ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда мустақиллик:

♦ жамиятимизда тинчлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини кучайтириш;

♦ инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш;

♦ минтақамизда яхши қўшничилик алоқаларини янада ривожлантириш;

 ♦ дунё мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик қилиш, Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда беқиёс таянч бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқоридаги қарори билан:

♦  Мустақиллик байрами Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, барча шаҳар ва туманлар, қишлоқ ва овулларда муносиб нишонланишини таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар дастурларининг ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлаш;

♦ Мустақиллик байрамининг юртимиз тараққиёти 
ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот 
ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, умумхалқ сайиллари, маданият ва спорт тадбирлари тарзида ўтказиш;

Байрам тадбирларини юқори профессионал маҳорат ва тажрибага эга бўлган сценарист ва режиссёрлар, ёзувчи ва шоирлар, бастакор ва балетмейстерлар, саҳна рассомлари, истеъдодли ёш ижрочилар, мақом ва бахшичилик санъати вакилларидан иборат ижодий гуруҳлар кенг жалб этилган холда итайёрлаш ва ўтказиш белгилаб берилди.

Шу билан биргаликда Мустақиллик байрамига бағишланган чора-тадбирларни амалга оширишда қуйидаги устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш топширилди:

♦ Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича саккиз йил олдин бошлаган кенг кўламли ислоҳотларимиз туфайли жамиятимизнинг
ижтимоий-сиёсий манзараси бутунлай ўзгарганлиги;

♦ мамлакатимиз иқтисодиёти шиддат билан ўсиб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажми тарихда биринчи марта 110 миллиард АҚШ долларидан ошгани, “яшил” ва инновацион иқтисодиётга ўтиш, муқобил энергия манбаларини яратиш бўйича улкан дастур ва лойиҳалар амалга оширилаётгани;

♦ юртимиз инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва манфаатлари улуғланадиган ижтимоий давлатга айланиб бораётгани, бандликни таъминлаш, замонавий иш ўринларини кўпайтириш, камбағалликни қисқартириш, ёрдамга муҳтож тоифаларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари катта ижобий натижалар бераётгани;

♦ таълим соҳасида мактабгача таълим тизимида қамров 2017 йилдаги 27 фоиздан ҳозирги пайтда 77 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга етгани, юртимизда ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва Президент мактаблари каби янги моделдаги мактаблар тизими пайдо бўлгани;

♦ соғлиқни сақлаш, илм-фан, IT, маданият, адабиёт ва санъат соҳалари ривожига ҳам катта эътибор берилаётгани, Париж Олимпиадаси ва Паралимпиадасида спортчиларимиз илк бор кучли ўн бешталикдан жой олгани, футбол бўйича 17 ёшгача ўсмирлар жамоамиз, шунингдек, миллий терма жамоамиз Ўзбекистон тарихида биринчи марта жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритгани;

♦ навқирон авлодимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунарлар, она тили билан бирга хорижий тилларни, IT технологияларини эгаллашлари, тадбиркорлик билан шуғулланишлари, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқаришлари учун ҳар томонлама қулай шарт-шароит яратиб берилаётгани, бунга жавобан ўғил-қизларимиз турли соҳаларда дастлабки қувончли ютуқларга эришаётганлари;

♦ шаҳар ва қишлоқларимиз жадал суръатлар билан обод бўлиб бораётгани, “Янги Ўзбекистон” уй-жой мавзеларини барпо этиш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари доирасида улкан ишлар амалга оширилаётгани;

♦ кўп миллатли ва кўп конфессияли жамиятимиздаги тинчлик, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳити – бизнинг бебаҳо бойлигимиз экани, уни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлиб қолиши зарурлиги;

♦ Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик, ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини кучайтиришдаги ўрни ва нуфузи ортиб, янги босқичга кўтарилаётгани;

Янги Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида очиқ, демократик
ва дунёвий давлат сифатидаги обрў-эътибори ва нуфузи тобора юксалиб бораётгани.

Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Янгиқўрғонликлар ҳам энг улуғ, энг азиз байрамни кенг нишонлашга қизғин тайёргарлик кўришмоқда.

Тумандошларимиз байрамни барча Ўзбекистонликлар каби кўтаринки кайфият, улкан ютуқлар билан қарши олиш учун бутун куч ва имкониятларни сафарбар этишмоқда.

Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган асосий байрам тадбирининг дастури ва сценарийсини ишлаб чиқилди.

Такдбирларни юқори савиядка ўтказиш учун таниқли илм-фан намояндалари, ижодкорлар, маданият ва санъат арбоблари, спортчилар, жамоатчилик вакилларидан иборат тарғибот гуруҳларини шакллантирилди.

Байрам тадбирлари дастуридан “Она диёр – ранглар жилосида”, “Ватан учун яшайлик!”, “Энг улуғ, энг азиз” каби анъанавий кўрик-танловлари ҳамда юртимиз истиқлолини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари танловлари ўрин эгаллаган. 

Президент қарорига кўра, мустақиллигимизнинг шонли 34 йиллик тўйи муносабати билан ташкил этиладиган ҳар бир тадбир туманда “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган ҳаётбахш ғоя остида нишонланмоқда.

Байрамнинг юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш борасидаги аҳамиятига бағишланган маънавий-маърифий анжуманлар, очиқ мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, миллий кино кунлари, маданият ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.

Байрам муносабати билан ўтказилаётган тарғибот тадбирларида халқимиз , айниқса ёшлар қалбида она Ватанга муҳаббат, садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда..  

Исмоилжон Мамаджонов,

РМММ туман бўлинмаси раҳбари.