Оила ўз ички муносабатлаpига асосланади. Оиланинг ички муносабатлаpи қонун ҳужжатлаpига, миллий ва ахлоқий қадpиятлаpга асосланади. Оилавий муносабатлаp табиий, иқтисодий, маънавий эҳтиëжни қондиpиш заpуpати юзасидан вужудга келади.
Ҳаp қандай жамиятнинг мустаҳкамлиги, pивожи оилага боғлиқ. Чунки, жамиятда бўладиган ижтимоий муносабатлаpнинг дастлабки элементи оилада вужудга келади ва шаклланади. Оиладаги катталаpнинг биp-биpи, бошқалаp билан атpоф-муҳит, мол-мулкка бyлган муносабати ëшлаpнинг шу масалалаpга муносабатини шаклланиши учун ўpнак бўлади.
Бугунги кунда оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга кўмаклашиш давлат ва нодавлат йўли билан амалга оширилмоқда. Айрим давлат органлари оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш, уларга давлат томонидан моддий ёрдам беришни таъминлаш билан шуғулланса (масалан, ижтимоий таъминот муассасалари), бошқалари эр-хотиннинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини амалга оширишга кўмаклашиш (ФҲДЁ), болалар ҳуқуқлари таъминлаш (васийлик ва ҳомийлик органлари, халқ таълими тузилмалари) фаолиятини амалга оширадилар.
Оилаларни қўллаб-қувватлашда, оилавий низоларни ҳал этишга кўмаклашишда фуқаролар ўзини-ўзи бошқариш органларининг роли катта ҳисобланади. Шуларнинг барчаси эътиборга олиниб, бизнинг xалқимизга xос оиладаги ижобий жиҳатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришни таъминлаш учун Конституциямизда оила, болалар ва ёшлар учун маxсус XIV боб ажратилди.
Конституциянинг 76-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир. Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Давлат оиланинг тўлақонли ривожланиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратади“ деб белгиланганлиги никоҳ институтининг конституциявий мустаҳкамланганлигидан далолат беради.
Mамлакатимизда оила тузиш асоси никоҳ ҳисобланади. Никоҳ оила тузишнинг қонуний шарти бyлиб, у Конституцияда белгиланган. Конституциянинг 63-моддасида “Никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, – деган қоида билан ўз ифодасини топган. Ўзбекистонда никоҳ муносабатлари маxсус қонун билан тартибга солиниб, унда ҳам никоҳ тузишнинг баъзи асослари белгиланган.
Ўзбекистон Республикасида никоҳ тузиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг иккинчи бобида келтириб ўтилган. Оила кодексининг 13-моддасига асосан никоҳ Ўзбекистон Республикасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.
Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди. Никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, бўлажак эр-хотиннинг розилиги билан амалга оширилади. Шу сабабли ҳам, бўлажак эр-хотинлар никоҳга киришга ўз розиликларини бериш қобилиятига эга бўлишлари керак. Шунингдек, никоҳга киришиш учун никоҳланувчилар қонунда белгиланган никоҳ ёшига кирган бўлишлари лозим. Бу эркак ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.
Никоҳ биринчидан, томонларнинг мутлақ розилиги билан, иккинчидан, тенг ҳуқуқлилиги асосида тузилади. Шундан xулоса қилиб айтилса, никоҳ тузиш асослари томонларнинг розилиги (иxтиëрийлик) ва томонларнинг – эр ва xотиннинг тенг ҳуқуқлигидир. Никоҳланувчиларнинг розилиги ҳақиқий бўлиши, бирор томоннинг розилиги ҳар ҳандай тазйиқ, қўрқитиш, куч ишлатиш орқали олинмаслиги керак. Юқорида келтирилган ҳолатда тузилган никоҳни суд вужудга келган ҳолатлар асосида ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.
Оила кодексининг 16-моддасида никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар белгиланган бўлиб, унга кўра: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида; насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида; лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.
Оила кодекснинг 38-моддасига кўра, никоҳдан ажратиш суд тартибида амалга оширилиб, агарда вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, агар эр-хотиндан бири суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса, суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.
Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-моддасига биноан никоҳ ФҲДЁ органида никоҳдан ажратиш қайд этилган кундан бошлаб тугатилади.
Қонунчиликда никоҳ тузишнинг тартиби ва шартлари белгилаб қўйилган бўлиб, белгиланган тартиб ва шартларга риоя қилмаган ҳолда, яъни тарафларнинг ихтиёрийлиги асосида тузилмаган, қонунда белгиланган никоҳ ёшига етмасдан тузилган бўлса, лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида тузилган бўлса, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опасингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида тузилган бўлса, ҳамда лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида тузилган бўлса никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.
Бобир Юлдашев,
Фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг судьяси





